Янгиобод туман ИИБ бошлиғига нисбатан жиноий иш очилди
Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – Жиззах вилояти Янгиобод туман ИИБ бошлиғи И. Сулаймоновга нисбатан жиноий иш очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Бош прокуратурага таянган ҳолда.
“2018 йил 9 июль куни Янгиобод тумани, Зиёкор кўчасида яшовчи фуқаро Н. Турсунбоев Бош прокуратуранинг “Ишонч телефони”га мурожаат қилиб, Янгиобод туман ИИБ бошлиғи И. Сулаймонов ўғли С. Қурбонбоевни уриб тан жароҳати етказганлигини билдириб, И. Сулаймоновга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Янгиобод туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида сўралган фуқаро С. Қурбонбоев 2018 йил 7 июль куни соат 14-30ларда Янгиобод тумани ИИБ бошлиғи И. Сулаймонов “Мустақилликнинг 22 йиллиги” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги “Пасткичақир булоғи” фермер хўжалиги даласига келган вақтда комбайнлар ғалла ўрмасдан турганлигини важ қилиб, С. Қурбонбоевни мушти билан бурун қисмига урганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиобод туман прокуратураси томонидан туман ИИБ бошлиғи И. Сулаймоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Жиноят иши тергови Бош прокуратура назоратига олинди”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: https://news.pn/ru/criminal/177429