Янгиобод ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари таксистларни ҳақорат қилгани учун вазифасидан озод этилди

Дата: 11:31, 24-10-2019.

Тошкент. 24 октябрь. ЎзТАГ – Тошкент вилояти Янгийўл тумани Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) бошлиғи ўринбосари Усмон Замонов таксистларни ҳақорат қилгани учун вазифасидан озод этилди, хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Вилоят ЙҲХБ маълумотларига кўра, 23 октябрь куни 100 дан ортиқ такси ҳайдовчиси ЙҲХБ биносига келиб, У.Замоновга нисбатан чоралар кўришни талаб қилган.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда ўзини катта инспектор деб таништирган У.Замонов Янгийўл такси ҳайдовчиларини ҳақорат қилган аудиоёзув пайдо бўлган эди. Бир гуруҳ такси ҳайдовчилари прокуратурага инспекторга қарши чоралар кўришни сўрашди.

Ғазабланган такси ҳайдовчилари билан вилоят ЙҲХБ ва Янгийўл шаҳри раҳбарияти учрашди. Улар ушбу факт бўйича терговга қадар текширув олиб борилаётганини, У. Замоновнинг ўзи эса лавозимидан четлатилганини маълум қилди.

 

Сурат манбаи: t.me/tviib

Янгилик билан ўртоқлашиш: