Январь-апрель якунларига кўра Ўзбекистоннинг ташқи савдо сальдоси минус $2 млрддан ортиқни ташкил этди

Дата: 16:28, 21-05-2019.

Тошкент. 21 май. ЎзТАГ - 2019 йилнинг январь-апрель ойлари якуни бўйича Ўзбекистоннинг ташқи савдо салдоси минус $2 млрддан ортиқни ташкил этди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"2019 йил январь-апрель ойлари якуни бўйича Ўзбекистон дунёнинг 154 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини йўлга қўйди. Хусусан, ташқи савдо айланмаси 12571,1 миллион долларни ташкил этди ва ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 2485,9 миллион доллар ёки 24,6% кўпроқ ўсди. Бу рақамдан экспорт 5 256,4 миллион долларга (ўсиш суръати - 14,3%), импорт эса - 7314,7 миллион долларга (ўсиш суръати - 33,3%) га етди. Ташқи савдо салдоси минус 2058,3 млн долларни ташкил этди", - дейилади Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси сайтида.

Қайд этилдики, республика ҳукумати томонидан МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ташқи савдони ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида МДҲга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо улуши 2019 йилнинг январь-апрель ойларида 34,4% (4329,2 миллион доллар), ташқи савдо айланмасининг ўсиш суръатлари ўтган йилга нисбатан 134,0% ни ташкил этди.

"2019 йилнинг январь-апрель ойларида ташқи савдо айланмасидаги бошқа мамлакатларнинг улуши 20,2% га ошди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 65,6% ни ташкил этди", - дейилади хабарда.

 

Сурат манбаи: upl.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: