Январ-июнда Ўзбекистонда 462 минг киши ишга жойлаштирилди
Тошкент. 30 сентябр. ЎзТАГ - Январ-июнда Ўзбекистонда 462 минг киши ишга жойлаштирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Таъкидлаб ўтилдики, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилганлиги, шунингдек янги объектларнинг, асосан саноатда, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида, уй-жой қурилишида объектларнинг ишга туширилганлиги, кичик бизнес, фермер ва деҳқон хўжаликларининг жадал ривожланганлиги жорий йилнинг январь-июнь ойларида 462,5 минг кишининг бандлигини таъминлаш имконини берди. Иш ўринларининг 59,8 фоизи қишлоқ жойларида ташкил этилди”, - дейилади Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисининг баёнида.
Таъкидланишича, иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларига меҳнат органлари томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказиш орқали ишга жойлашиш борасида кўмак кўрсатилди. “Натижада бандликка кўмаклашиш туман ва шаҳар марказлари томонидан ишга жойлаштириш юзасидан мурожаат қилган 124,6 минг фуқаро доимий ва вақтинчалик иш билан таъминланди, 52,6 минг фуқарога меҳнатга оид қонун ҳужжатлари бўйича ҳамда ишга жойлашиш имкониятлари хусусида ахборот ва маслаҳатлар берилди”, - деб қайд этилади ҳисоботда.