Январ-октябрда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айланмаси ҳажми $429 млндан ошди

Дата: 13:49, 27-12-2016.

Тошкент. 27 декабр. ЎзТАГ – Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Савдо, транспорт ва энергетика бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ҳукуматлараро комиссиясининг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Мажлисда экспертлар давлатлар ўртасидаги товар айланмасига доир рақамларни очиқладилар ҳамда қўшма лойиҳалар ҳақида маълумот бердилар.

“2015 йил натижаларига кўра икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси $444,5 млнни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида $429 млнни ташкил этди”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизматида.

АИР Президенти катта маслаҳатчиси Хумоюн Қаюмийнинг сўзларига кўра, кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва қизиқиш асосида босқичма-босқич ривожланиб бормоқда.

Хусусан, у Ўзбекистоннинг инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали Афғонистон иқтисодини ривожлантириш ва тиклашдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.

Эслатиб ўтамизки, бугунги кунда Ўзбекистонда Афғонистон томони иштирокидаги 70 та компания ўз фаолиятини юритмоқда, жумладан, улардан 20 таси 100% афғон капитали иштирокида яратилган. Ушбу корхоналарнинг асосий фаолият хизматлар ва савдо операциялари ва қурилиш молларини ишлаб чиқаришдан иборатдир.

Қўшма комиссиянинг биринчи йиғилиши 2015 йил 20 апрелда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: