Январда Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 1% пасайди – Марказий банк

Дата: 17:14, 09-02-2018.

Тошкент. 9 феврал. ЎзТАГ – Январда Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 1% пасайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Марказий банки маълумотига таянган ҳолда.

Марказий банкнинг “2018 йилнинг январь ойида истеъмол товарлари нархлари ўзгариши тўғрисида”ги ҳисоботида таъкидланишича, иқтисодиётда нархлар ўзгариши жараёнини чуқур ўрганиб бориш ва инфляцион хатарларни олдиндан аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Марказий банки республика ҳудудлари бўйича маҳсулот ва хизматлар нархларини мониторинг қилиб бориш амалиётини жорий этмоқда.

Кузатишларни амалга ошириш учун аҳоли томонидан кўп истеъмол қилинадиган 135та маҳсулот ва хизмат тури танлаб олинди. Улардан 45таси озиқ-овқат маҳсулотидир.

Дастлабки кузатув натижалари шуни кўрсатмоқдаки, истеъмол товарлари нархлари 2018 йилнинг январ ойида, ўтган йилнинг декабр ойида маълум даражадаги ўсишдан кейин, нисбатан барқарор бўлди. Бу асосан янги йил байрами арафасидаги даврга қараганда январда истеъмол фаоллигининг нисбатан паст бўлгани билан изоҳланади.

Хусусан, мазкур ҳолат озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари динамикасида ўз аксини топди. Айрим маҳсулотлар нархларида юқори ўзгарувчанлик кузатилганига қарамасдан, озиқ-овқат маҳсулотлари умумий нархларида озроқ (1%га) пасайиш бўлди, днейилади ҳисоботда.

Январь ойида кузатиш олиб борилган озиқ-овқат маҳсулотлари орасида тухум нархи – 10,5%, сабзавотлар ўртача нархлари – 5,8% ва мевалар ўртача нархлари – 4,5%га арзонлашди. Хусусан, бодринг нархи – 14%, пиёз – 10,2%, помидор –
9,9%, карам – 9,3%, картошка – 6,3%, сабзи – 2,3% ва олма – 4,6%га пасайди.

Шу билан бирга, кузатиш натижалари сут нархининг 4,9%, гўшт (мол ва қўй гўшти) – 1,1%, буғдой уни – 0,7% ва гуруч – 0,4%га қимматлашганини кўрсатди.

Сурат манбаи: https://www.ceotecnoblog.com/fare-la-spesa-online-con-consegna-in-giornata/

Янгилик билан ўртоқлашиш: