Январда ЎзРТХБ савдоларида битимлар ҳажми деярли 50% ўсди
Тошкент. 7 феврал. ЎзТАГ – Январда “Ўзбек Республика товар хом-ашё биржаси АЖ” электрон савдоларида тузилган битимлар ҳажми 1 трлн сўмни ташкил этиб, 2016 йилнинг муқобил давридаги кўрсаткичдан 48,2% ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Йилнинг биринчи ойида биржанинг барча савдо майдонларида савдо фаоллиги ошди. Хусусан, биржа савдолари орқали сотилган товарларнинг умумий ҳажми 2016 йилнинг январидаги 577,3 млрд сўмдан 856,3 млрд сўмгача ўсди. Кескин ўсиш ҳолатлари чорва учун емлар сегментида қайд этилиб, унинг умумий улуши 4% дан 11% гача ўсди. Етакчилик позицияларини қурилиш моллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаб, уларнинг улушлари мос тарзда 27% ва 17% ни ташкил этди.
Бундан ташқари, биржа бозорининг валюта савдо майдончасининг сотув таркиби ўзгариб, унинг ҳажми $5,4 млнни ташкил этди. Экспорт битимлари бўйича етакчиликни 65%лик улуш билан полиэтилен эгаллади. Кейинги ўринларда рангли металлар – 15%, суюлтирилган газ – 11%, нефть маҳсулотлари – 6% ва полипропилен – 3% билан эгаллашди.