Январдан бошлаб Ўзбекистонда 144 корхонанинг “йўл ҳариталари” амалга оширилмоқда
Тошкент. 25 июл. ЎзТАГ – 2014 йил бошидан бери Ўзбекистонда 144 пастрентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий иқтисодий аҳволини яхшилаш бўйича мақсадли “йўл ҳариталари” амалга оширилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Иқтисодиёт вазирлигидан хабар қилишларича истиқболсиз 10 корхона тугатилиб, янги мулкдорларга улар асосида янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш учун сотилган.
“Йўл ҳариталари”ни амалга ошириш учун 290 млрд сўм инвестициялар жалб қилинган. Натижада 109 корхона ёки улар умумий сонидан 76% зарар кўриб ишлаш ҳолатидан чиқарилган. Улар томонидан 50,4 млрд сўм фойда олинган, шунингдек, 2 минг янги иш ўринлари яратилган.
Умуман, реструктуризация қилинаётган корхоналарда йил бошидан бери 3,1 трлн сўмлик маҳсуллот ишлаб чиқарилган, шу жумладан, $118 млнлик маҳсулот экспорт қилинган.
“Йўл ҳариталари”ни амалга ошириш билан бирга иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. Бу мақсадларга йил бошидан бери 1,1 трлн сўм инвестициялар йўлланган бўлиб, бундан 527,6 млрд сўми – банк кредитларидир.
Натижада ушбу корхоналара январдан бери 1,4 трлн сўмликдан ошиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилган, $92,8 млнлик маҳсулотлар экспорт қилинган, 17,3 минг янги иш ўрни яратилган.