Япония бош вазирининг рафиқаси Ўзбекистонга ташрифини якунлади

Дата: 15:10, 05-08-2016.

Тошкент. 5 август. ЎзТАГ – Япония бош вазири Шиндзо Абэнинг рафиқаси Акиэ Абэ Ўзбекистонга ташрифини якунлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ТИВ сайтидаги маълумотга кўра, Акиэ Абе 4-август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримова ҳамроҳлигида Ўзбекистон Амалий санъат музейига ташриф буюрди. Амалий санъат музейида ўзбек халқининг бой маданияти ва санъатига оид 7 мингдан ортиқ экспонат бор. Акиэ Абега миллий либослар ва чолғу асбоблари, каштачилик, зардўзлик, заргарлик, ўймакорлик, кандакорлик ва кулолчилик асарлари, улардаги безак ва нақшларнинг маънолари ҳақида маълумот берилди. Кашта ва гилам тўқиш, металлга нақш солиш жараёни жонли тарзда кўрсатилиб, мумтоз куйларимиздан намуналар ижро этилди.

Шунингдек, Акиэ Абе япон ҳарбийлари мангу қўним топган масканни зиёрат қилди. Меҳмон ватандошлари хотирасига бунёд этилган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди.

Куннинг иккинчи ярмида Татяна Каримова ва Акиэ Абе Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрига ташриф буюрдилар. Татяна Каримова ва Акиэ Абе Япониянинг “Драм Тао” жамоасининг концертини томоша қилдилар.

Шунинг билан Япония Бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абенинг мамлакатзга ташрифи ниҳоясига етди. Тошкент халқаро аэропортида Акиэ Абени Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Татяна Каримова кузатиб қўйди.

Эслатиб ўтамизки, 3 августда Ўзбекистонга Япония Бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абе ва мамлакат маданият ва санъат намоёндалари делегацияси ташриф буюрган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: