Япония парламент делегацияси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ва депутатлар билан учрашувлар ўтказди

Дата: 13:15, 22-12-2015.

Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – Япониянинг парламент делегацияси Ўзбекистонга ташрифи давомида мамлакат Ташқи ишлар вазирилиги ва парламент қонунчилик палатасида учрашувлар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қуйи палатадан маълум қилишларича, делегацияга Либерал-демократик партиянинг халқаро алоқалар бўйича департаменти директори Кадзунори Танака раҳбарлик қилган. Делегация таркибига Вакиллик палатаси депутатлари Минэюки Фукуда, Еичи Анами, Яеои Кимуралар ҳам кирганлар.

Япон делегациясининг Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Отамуратов билан учрашувида томонлар парламентлар ўртасида изчил ҳамкорликни муҳокама қилдилар. Япония парламентида Ўзбекистон билан дўстлик лигаси, “Япония демократик партияси – Ўзбекистон”, “Япония либерал-демократик партияси – Ўзбекистон” дўстлик лигалари ташкил қилинган. Ўзбекистон парламенти таркибидаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси – Япония парламенти” парламентлараро гуруҳи ташкил қилинган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Япония Либерал-демократик партияси халқаро алоқалар департаменти директори, депутат Кадзунори Танака бошчилигидаги Япония Парламенти Вакиллар палатаси делегациясини қабул қилди.
Суҳбат чоғида Япония Бош вазири Шиндзо Абенинг 2015-йил октябр ойидаги мамлакатимизга расмий ташрифи чоғидаги олий даражадаги Ўзбекистон-Япония мулоқотининг якунларига, эришилган келишувларнинг амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамизки, Япония Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорларидан биридир. Икки томон ўртасида 140 ортиқ турли хужжатлар имзоланган бўлиб, улар орасида Дўстлик, стратегик ҳамкорлик ҳақида қўшма баёнот, Ўзбекистон ва Япония ўртасида стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш ҳақидаги келишувлар бор.

Янгилик билан ўртоқлашиш: