Япония парламент делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюради

Дата: 16:52, 04-04-2016.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – 6-7 апрелда Япония ташқи ишлар вазирининг парламент ўринбосари Мики Ямада бошлиқ делегация Ўзбекистонга ташриф буюради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Делегация ташрифи доирасида 7 апрелда Ўзбек-Япон Марказида Япония бош вазирининг турмуш ўртоғи Акиэ Абэ номидан “Акиэ-бунко” китобларини топшириш маросими ўтказилади. Акциядан кўзланган мақсад Ўзбекистонда Япония соҳасидаги тадқиқотлар ва япон тилини ўрганишни янада ривожлантиришдан иборат”, - деб таъкидлашди Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонасида.

Китоблар япон тили биринчи тил сифатида ўқитиладиган Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Ўзбек давлат жаҳон тиллари университетлари кутубхона фондига тақдим қилиниши таъкидланган.

Бундан ташқари, “Акиэ-бунко” китоблари Ўзбек-Япон Марказига ҳам берилади. Марказ фаолияти ҳам япон тили курслари ташкил қилиш, тадбиркорлар тайёрлаш курслари, япон маданияти билан таништириш орқали икки мамлакат ўртасида ўзаро алоқалар ва ҳамкорликни чуқурлаштиришга йўналтирилган.

Шунингдек, юқоридаги тадбир доирасида икки ОТМга Халқаро Тошиба жамғармаси китоблари ҳам тақдим қилинади. Барча материаллар япон тили, барихи, маданияти   бўйича қўлланмалар ҳисобланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: