Япония ўзбек мутахассисларини ўқитишга грант ажратади

Дата: 10:28, 01-08-2016.

Тошкент. 1 август. ЎзТАГ – Япония ҳукумати кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш дастури доирасида Ўзбекистонга 459 млн йен (тахминан $4,3 млн) грант ажратади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ажратилган маблағлар икки йилга мўлжалланган бўлиб, ўзбек талабаларини япон ОТМда стажировкасини молиялаштиришга йўналтирилади. Жорий йилда 196 млн йенни, келаси йилда яна 263 млн йенни ўзлаштириш режалаштирилган. 2016 йил августида ўзбек талабаларининг ушбу лойиҳа доирасидаги 17-стажировкаси бошланади. Унда 15 мутахассис иштирок этади”, - деб таъкидлашди Япония элчихонаси матбуот хизматида.

Эслатиб ўтамизки, хорижий мутахассисларни япон ОТМда тайёрлаш дастури 1999 йилдан бери амал қилади. Унинг асосий мақсади – келгусида иқтисодиёт, молия ва қонунчилик тизими каби соҳаларда давлатни ривожлантириш стратегиясига бевосита жалб этиладиган давлат хизматчилари ва мутахассислар сифатидаги малакали кадрларни тайёрлашдан иборатдир. Ҳозирга қадар Япония олий таълим муассасаларида жами бўлиб 280 нафар Ўзбекистон фуқароси малака оширди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: