Япония Ўзбекистонга кадрлар тайёрлашга $2,3 млн ажратди
Тошкент. 11 октябр. ЎзТАГ – Япония ҳукумати Ўзбекистонга кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш лойиҳаси доирасида $2,3 млн беғараз грант ажратди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бунга доир ҳужжатлар 10 октябрда Тошкентда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нобуаки Ито ҳамда Давлат Инвестициялар қўмитаси раиси Азим Ахмедхўжаевлар томонидан имзоланди.
“Ажратилган маблағлар 2018 йилда Япониянинг етакчи ОТМда таҳсил оладиган талабаларни танлаб олишга йўналтирилади. Улар орасида 15 магистр ва 2 докторант бўлади”, – деб таъкидланади Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарида.
Хабарда айтилишича, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон келажагига масъул бўлган мутахассисларга касбий билимларга эгаллаш, уларни Ўзбекистон иқтисодиёти ва жамияти ривожи учун қўллашга, Кунчиқар мамлакатни тушунишни чуқурлаштириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада тараққий эттиришга имкон беради.