Япония Ўзбекистоннинг синалган дўсти ва ишончли ҳамкорига айланди – ТИВ

Дата: 19:15, 26-01-2017.

Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – Япония Ўзбекистоннинг синалган дўсти ва ишончли ҳамкорига айланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) мамлакат ТИВга асосланган ҳолда.

“Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги билан чин дилдан табриклашга ижозат бергайсиз”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг Япония Ташқи ишлар вазири Фумио Кисидага йўллаган мактубида.

А.Камиловнинг таъкидлашича, ўтган вақт давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасида очиқ ва самарали сиёсий мулоқот ўрнатилди.

“Мамнуният билан таъкидлашни хоҳлардимки, ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз ўртасида икки ва кўп томонлама муносабатларнинг барча жабҳалари бўйича 2002 йилда қабул қилинган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида очиқ ва самарали сиёсий мулоқот ўрнатилди”, - дейилади мактубда.

Шунингдек, ўзбек ташқи сиёсий муассасаси раҳбари Ўзбекистон Япониянинг иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги кўмагини қадрлашини қайд этди.

“Мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини модернизация қилишда, ишлаб чиқариш қувватларини шакллантиришда, энергетика, инфратузилма, телекоммуникация ва бошқа йўналишларни ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда Япония томонидан кўрсатилаётган ёрдамни юқори баҳолаймиз”, - деб таъкидланади мактубда.

Бундан ташқари, А.Камилов Япония Ўзбекистоннинг синалган дўсти ва ишончли ҳамкорига айланганини айтиб ўтди.

“Бугун қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, Япония Ўзбекистоннинг синалган дўсти ва ишончли ҳамкорига айланди”, - дейилади мактубда.

Шунингдек, Ўзбекистон ТИВ раҳбари икки мамлакат ўртасидаги алоқалар янада ривож топишига умид билдирди.

“Самимият билан умид қиламанки, бизнинг ўзаро саъй-ҳаракатимиз билан Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатлар ва стартегик шериклик икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида бундан кейин ҳам ҳар томонлама ривожланади”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: