Япониянинг “Isuzu Motors” компанияси “SamAuto”даги улушини 16% етказди

Дата: 13:08, 30-07-2015.

Тошкент. 30 июл. ЎзТАГ – Япониянинг “Isuzu Motors” ширкати “Самарқанд автомобил заводи” АЖ 8% акцияларини сотиб олди ва шу билан ўз улушини 16% етказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзавтосаноат” АК матбуот хизмати хабарига асосланган ҳолда.

Маълумотга кўра, яқинда “Isuzu Motors” ва “Ўзавтосаноат” АК “SamAuto” низом жамғармасининг 8% улушини сотиш ҳақида келишув имзолаганлар.

“Тошкентда бўлиб ўтган имзолаш доирасида томонлар Самарқанд автомобил заводини келгусида узоқ муддатли ривожлантириш стратегияси, моделлар қаторини кенгайтириш ва янгилаш, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш, ҳамда соҳага илғор япон технологияларини ва ишлаб чиқариш жараёнини тадбиқ қилишга келишиб олдилар”, – деб таъкидлашди ўзбек давлат автомобил компанияси матбуот хизматида.

“Isuzu Motors” компаниясининг Самарқанд автомобил заводи акциядорлари қаторига қўшилиши “Ўзавтосаноат” АК билан ҳамкорлигимизнинг ҳаққоний босқичи ҳисобланади. Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳисобга олсак, иқтисодиётнинг турли тармоқларида, бутун Ўзбекистон ва Марказий Осиёда сифатли юк автомобилларига катта эҳтиёж борлигини кўрдик”, – деб таъкидлади “Isuzu Motors”нинг бажарувчи вице-президенти ва директори Таканобу Фурута.

Келишув қиймати очиқланмаяпти.

Эслатиб ўўтамизки, “Ўзавтосаноат” АК (58%) ва “Асака” банки (26%) “SamAuto” акционерлари ҳисобланади.

“Ўзавтосаноат” ва “Isuzu Motors” ўртасидаги ҳамкорлик 2007 йилда бошланган. Ўшанда япон компанияси “SamAuto” технологик ҳамкори сифатида бу ерда чиқарилаётган автобус, ўрта тоннажли юк машиналари ва бошқа техникалар учун шасси ва двигателлар етказиб беришни бошлаган эди. Ўтган вақт давомида “Isuzu Motors Ltd.” агрегатлари асосида 10,2 минг автобус ва 11,5 минг юк машиналари, жумладан, 2014 йилда 1,2 минг автобус ва 2,6 минг юк машиналари ишлаб чиқарилди.

Ҳозирда автозаводда Isuzu шассиси асосида 37 кишигача одам кетувчи уч моделдаги шаҳар пассажир автобуслари, шунингдек, 4 тоннадан 18 тоннагача юк кўтарувчи тўрт хилдаги юк автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: