Япониянинг Mitsubishi ширкати Навоий ИЭС янги буғ-газ қурилмасини қуради

Дата: 16:27, 20-10-2016.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – Япониянинг Mitsubishi Corporation ва Mitsubishi Hitachi Power Systems (MHPS) компаниялари консорциуми Навоий иссиқлик электростанциясида қуввати 450 мегаватт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмасини ўрнатади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) япон компанияси хабарига асосланган ҳолда. 

“Япон томони лойиҳа доирасида буғ-газ қурилмасининг асосий қисмларини етказиб беради. Mitsubishi Corporation Туркиянинг Calik Enerji Sanayi ve Ticaret A.S. компанияси билан ҳамкорликда қолган қисмларни етказиб беради, шунингдек, жиҳозлар транспортировкаси, қурилиш ва монтаж ишлари учун жавоб беради”, - деб таъкидланади япон ширкати хабарида.

Таъкидланишича, лойиҳа Япония халқаро тараққиёт агентлиги (JICA) $332,6 млн миқдоридаги имтиёзли заёми, шунингдек, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг $150 млн кредити ҳисобига молиялаштирилади.  

Яна $45,8 млн “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан ажратилади.

Қурилмани барпо этиш ишлари 2019 йилда якунланиши кутилмоқда.

Буғ-газ қурилмаси ишга туширилганидан сўнг бу ерда йилига 3,27 млрд кВт/с электроэнергия, 1520 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқаради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: