Япониянинг Ўзбекистондаги элчисига ЖИДУ фахрий доктори унвони берилди
Тошкент. 9 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон ТИВ қошидаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) Япония Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фумиҳико Като билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради сешанба куни ТИВ матбуот хизмати.
“Тадбирда университет ректори Абдумалик Жуманов олий ўқув юрти Илмий кенгашининг Элчини ЖИДУ Фахрий доктори унвони билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорини ўқиб берди ва унга тегишли дипломни тантанали равишда топширди”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Илмий кенгаш қарорига кўра Фумиҳико Катонинг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар соҳалардаги Ўзбекистон-Япония муносабатларини изчил ривожлантиришга қўшган шахсий хизматлари тан олинади.
Ўз навбатида, элчи фаолиятига берилган юқори баҳо учун самимий миннатдорчилик билдирди.


