Ярим йилда ўзбек-хитой товар айланмаси $2,5 млрддан ошди
Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – 2017 йилнинг биринчи ярми - январ-июл ойларида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар товар айланмаси ҳажми $2,5 млрддан ошди. Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мэн Цзяньчжу бошчилигида Хитой делегацияси билан 9 сентябрдаги учрашувида келтириб ўтилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг маълумотларига кўра, Мирзиёев Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро манфаатли, кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил май ойида Хитойга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаргани алоҳида таъкидланди.
Бугун Ўзбекистонда Хитойнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари билан ҳамкорликда энергетика, нефтгаз, кимё, машинасозлик, электротехника, енгил саноат тармоқлари, ишончли транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, туризм ва бошқа муҳим йўналишларда устувор сармоявий дастур ва лойиҳалар тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги амалий ҳамкорлик, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги алоқалар истиқболлари муҳокама қилинди.
Мэн Цзяньчжу Президентимиз Шавкат Мирзиёевга қабул учун самимий миннатдорчилик билдирди, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. Хитой Ўзбекистон билан ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга тайёр ва бундан манфаатдор экани таъкидланди.
ЎзР. президентининг фармонига мувофиқ, икки мамлакатлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, шунингдек, йирик иқтисодий ва сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Мэн Цзяньчжуга "Дўстлик" ордени топширилди.
Эслатиб ўтамизки, олдинроқ ЎзТАГ 9-10 сентябрда Ўзбекистонга Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий-ҳуқуқий комиссияси котиби, Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мэн Цзяньчжу бошчилигида ХХР ҳукумати делегацияси ташриф буюриши ҳақида хабар қилган эди.