Ярим йилда Ўзбекистон аҳолисининг даромадлари 109,2 трлн сўмни ташкил қилди

Дата: 17:32, 16-07-2018.

Тошкент. 16 июл. ЎзТАГ – 2018 йилнинг январ-июн ҳолатига аҳоли умумий даромадлари 109,2 трлн сўмни, бир кишига ўртача ҳисоблаганда 3,3 млн сўмни ташкил этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таянган ҳолда.

“Аҳолининг умумий даромадига пул даромадлари ва натура шаклидаги даромадлар киради ҳамда доимий асосда, такрорланувчи хусусиятга эга бўлган, йиллик ёки ундан кам вақт оралиғидаги даврда уй хўжалиги ёки унинг алоҳида аъзоларига тушадиган тушумлардан таркиб топади”, - дейилади муассаса хабарида.

Истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳолининг умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 12%ни, аҳоли жон бошига умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 10,1%ни ташкил қилди.

Муассаса маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари бўйича Тошкент шаҳрида (7467,6 минг сўм) ҳамда Навоий (5093,5 минг сўм), Бухоро (3966,9 минг сўм) ва Тошкент (3474,4 минг сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлари қайд этилганлиги кузатилди.

Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Сурхондарё вилоятига (15,9%) тўғри келади. Шунингдек, Хоразм (15,6%), Самарқанд (14,6%), Андижон (13,5%), Наманган (12,2%) ҳамда Бухоро вилоятларида (11,9%) аҳоли жон бошига умумий даромад кўрсаткичларининг реал ўсиши республика даражасидан юқорини ташкил этган.

Ўтган давр мобайнида пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўзгариши аҳоли умумий даромадларининг 2,4%га ўсиш имконини берди.

$1=7787,81 сўм

 

Сурат манбаи: http://jolimp.ru/sro-iziskatelej/perevozka-gruzov-bishkek.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: