Ёш ўзбек эко-журналистлари учун ёзги академия ташкил этилмоқда

Дата: 12:24, 27-06-2014.

Тошкент. 27 июн. ЎзТАГ – 15-21 июл кунлари ўзбекистонлик ёш эко-журналистлар учун ёзги академия ташкил этилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Chinor ENK” Экологик ноширлик компаниясидан хабар беришларича, академия атроф муҳитни ҳимоя қилиш соҳасидаги энг яхши журналистик ишлар учун эълон қилинган ”Қоплон-2014” республика конкурси доирасида ташкил этилмоқда.
Бунда асосий эътибор таҳлилий журналистика мутахассисларини тайёрлашга қаратилади. Академия экспертлари қатнашчиларни нафақат маълумотларни олишга, балки уни тўғри талқин қилишга ўргатишни ўзларига мақсад қилиб олганлар.
Ёзги Академияда қатнашиш учун 5 июлга қадар [email protected] манзилига ариза билан мурожаат қилиш зарур. Аризани www.eko.uz сайтидан юклаб олиш мумкин.
Ёзги академия ташкилотчилари ҳафталик ўқув журналистлар учун мавжуд экологик муаммоларнинг оптимал ечимини топишга ёрдам берувчи таҳлилий материаллар тайёрлашга рағбатлантиради, деб умид қилмоқдалар.
Эслатиб ўтамизки, “Қоплон” конкурси тўрт йилдан бери мавжуд ва ўтган йиллар орасида экологик масалалар бўйича кўплаб журналистик материаллар, радио- ва телерепортажларни тайёрлашга кўмаклашди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: