Йил бошидан бери “Асака” банкининг ялпи капитали 115,7 млрд сўмга кўпайди
Тошкент. 29 июл. ЎзТАГ – 2015 йилнинг биринчи ярмида “Асака” банкининг ялпи капитали ўтган йилнинг муқобил давридагига нисбатан 115,7 млрд сўмга кўпайиб, 874,9 млрд сўмга етди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида банк бошқарувининг Тошкентдаги кенгайтирилган мажлисида маълум қилинди.
“2015 йил 1 июл ҳолатига келиб банкнинг ялпи активлари 1470,1 млрд сўмга ўсиб, 6,18 трлн сўмни ташкил қилди. Банкнинг жами кредит ва лизинг қўйилмалари ҳажми 2,88 трлн сўмни ташкил этди. Кредит портфелининг асосий қисмини узоқ муддатли кредитлар ташкил қилди”, – деб таъкидлашди банк матбуот хизматида.
Маълумотга кўра, банк лизинг лойиҳаларини молиялаштиришга 21,1 млрд сўм ажратган бўлиб, банк лизинг портфели ҳажми 150,1 млрд сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектларини кредитлаш учун 647,2 млрд сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Бундан ташқари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш мақсадида жами 292,3 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Аҳоли омонатлари қолдиғи 73,9 млрд сўмга кўпайиб, 542,5 млрд сўмни ташкил этгани таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамизки, “Асака” банк капитал ва активлари ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг етакчи банкларидан бири. Ҳозирда банк тизимида 26 филиал, 90 мини-банк, 427 омонат, махсус ва кўчма кассалар фаолият юритмоқда.
$1 = 2575,18 сўм