Йил бошидан бери Тошкент вилоятида сомонпояни ёқиб юборганлик учун 152,74 млн сўмлик даъволар очилди
Тошкент. 25 июл. ЎзТАГ – Йил бошидан бери Тошкент вилоятида олган сомонпояни ёқиб юборганлик учун 152,74 млн сўмлик даъволар очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан вилоятда мавсум бошидан 167 та фермер хўжаликларининг 826 гектар ер майдонлари ёқиб юборилганлиги аниқланди.
Қонунчиликка мувофиқ, 21,717 млн сўм жарималар ва 984 минг сўм даъволар ундирилди. Қолган ҳоллар бўйича суд органларига хужжатлар топширилди.
Ушбу масала юзасидан Давлат экология қўмитаси Тошкент вилояти мутахассислари томонидан ғалладан бўшаган майдонларни сомонпоядан тозалаш, уни ёқмаслик, ғаллазорлар яқинида очиқ оловдан фойдаланмаслик ва бошқа ёнғин хавфсизлиги қоидалари акс эттирилган 7000 та буклет, 900 та плакат тарқатилди, 438 та учрашув ўтказилди, далалар ва йўл ёқаларига қўшимча баннерлар ўрнатилди.
Фермер хўжаликларининг раҳбарларига сомонпояни ёқиш оқибатлари, ердан фойдаланишда экологик, санитар-гигиеник меъёрларга риоя қилиш, атроф-муҳитга зарар етказмаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Мутахассислар сомонпояни ёқмаган ҳолда, ундан фойдаланиш мумкинлигини таъкидламоқдалар. Масалан, сомонпоядан ерни озиқлантириш учун фойдаланиш, ундан биомасса, компостлар тайёрлаш мумкин. Сомонпоя органик ўғит ҳам бўлиши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, сомонпояни ёққанлик учун энг кам иш ҳақи миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахслар учун учун энг кам иш ҳақи миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача жарималар кўзда тутилган.
$1=4070,38 сўм
1ЭКИҲМ=149775 сўм