Йил бошидан бери ўзбек фонд бозори айланмаси 2,5 бараварга ўсди

Дата: 17:34, 26-06-2015.

Тошкент. 26 июн. ЎзТАГ - 2015 йил бошидан бери “Тошкент” Республика фонд биржасининг (РФБ) айланмаси 79,9 млрд сўмни ташкил қилиб, ўтган йилги муқобил кўрсаткичга қараганда (32,6 млрд сўм) 2,5 бараварга ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

РФБ матбуот хизмати маълумотларига кўра, биржа савдоларида 49та акциядорлик жамиятининг 138 млн дона қимматли қоғозлари билан 1252 дона савдо битимлари амалга оширилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 ва йиллик кўрсаткичдан 1,4 маротабага юқоридир (893).

Умумий биржа савдо айланмасида қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг савдо айланмаси 64,6 млрд сўмни ташкил этди (81%). Яъни иккиламчи бозорнинг ҳажми 2014 йилнинг ушбу даврига нисбатан деярли 4 маротаба юқоридир.

Халқ хўжалиги тармоқлари кесимида фонд биржаси умумий савдо айланмасида иқтисодиётнинг молия хизмати тармоғидаги компанияларнинг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлар ҳажми юқори бўлиб, унинг 96% (76 535,0 млн сўм) ташкил қилди. Унинг асосий қисмини тижорат банклари (94,7%), қолган қисмини эса суғурта ва лизинг компаниялари қимматли қоғозлари билан амалга оширилган биржа битимлари ташкил қилади.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йилнинг майида “Тошкент” РФБ битимлар ҳажми 6,8 млрд сўмни ташкил қилиб, бу 2014 йилнинг майидагига (10,8 млрд сўм) қараганда 37% пастдир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: