Йил бошидан бери Ўзбекистон ва Туркиянинг товар айланмаси 40% зиёдга ўсди

Дата: 09:05, 25-09-2018.

Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – 2018 йил бошидан бери Ўзбекистон ва Туркиянинг товар айланмаси 40% зиёдга ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташриф билан мамлакатга келган Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдирим билан учрашувида сўз борди.

Ш. Мирзиёев учрашувда сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўзбек-турк дўстона муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади.

“Жорий йил бошидан буён 230 дан ортиқ Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси ташкил этилгани Туркия ишбилармонларининг Ўзбекистонда бизнес юритишга қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми шу даврда 40%дан зиёдга ошди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Сиёсий мулоқот фаол ривожланаётгани қайд этилди. Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари билан ҳамкорликда савдо, инновациялар, энергетика, инфратузилма, транспорт, туризм, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда инвестиция дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, маданий-гуманитар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувлар кенгаймоқда. Шунингдек, иккитомонлама муносабатларни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро алоқалар муҳим ўрин тутмоқда. Мамлакатларнинг қонун чиқарувчи органлари ўртасида фаол мулоқот кузатилмоқда.

Шундан кейин маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисида дўстлик гуруҳлари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум ва “Йўл харита”си қабул қилинган.

Ўз навбатида, Б. Йилдирим Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, Туркия мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини модернизация қилишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади.

“Конструктив мулоқот давомида томонларнинг анъанавий дўстлик муносабатлари ва узоқ муддатли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий экани қайд этилди”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Эслатиб ўтамиз, Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Б. Йилдирим Ўзбекистонга 23 сентябрда келган эди.

Сурат манбаи: из http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: