Йил бошидан буён Ўзбекистон дипмиссияси бўлган мамлакатларга $3,5 млрддан ортиқ товарлар экспорт қилди
Тошкент. 12 июнь. ЎзТАГ – Йил бошидан буён Ўзбекистон дипломатик миссиялари бўлган мамлакатларга $3,5 млрддан зиёд товарлар экспорт қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Жорий йилнинг беш ойида Ўзбекистон Республикаси дипломатик миссиялари мавжуд мамлакатларга ўзбек товарлари экспорти 30,6% га ўсди ва $3 млрд 504,6 млнни ташкил этди, I чорак якунлари бўйича сайёҳлар сони 42% га ўсди ва 1,3 миллион кишини ташкил этди", – дея таъкидлади Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов.
Шунингдек, 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг июнига қадар Ўзбекистон элчихоналари томонидан қишлоқ хўжалиги, саноат, коммунал хўжалиги, қурилиш, тиббиёт, фармацевтика, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда амалга ошириладиган жами $5,25 млрдлик 244 инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилганлигини маълум қилди.
"Шундан $1,7 млрдлик 163 лойиҳа 2019 йилда амалга оширилиши режалаштирилган. Ва бу лойиҳаларнинг асосий қисми 2020-2021 йилларда амалга оширилади", – деб қўшимча қилди у.
Сурат манбаи: mfa.uz


