Йил охиригача Термизда қатор ижтимоий инфраструктура объектлари қурилади
Тошкент. 13 феврал. ЎзТАГ – Жорий йил охиригача Термизда қатор замонавий ижтимоий инфраструктура объектларини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида вилоятга қилган ташрифи доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди, деб хабар беради ЎзТАГ.
Хусусан, шаҳарда 34 етти қаватли арзон уй-жой бунёд этилиши белгиланган. “Бундай уйлар аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойга бўлган талабини қондиришда муҳим аҳамият касб этади”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.
Шунингдек, иккита мактабгача таълим муассасаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, маҳалла маркази ҳам қурилади.
Уйларнинг бир қисмини қуриб битириш ишлари 2017 йил сентябрга мўлжалланган.
“Термиз шаҳрининг Алишер Навоий кўчасида қуриладиган деҳқон бозори ва савдо комплекси лойиҳасига 40 млрд сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Комплексда деҳқон бозори павильонлари, иккита кўп қаватли замонавий супермаркет, автомобиллар турар жойи қуриш ва йил охиригача фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда”, - деб таъкидлашди президент матбуот хизматида.