Йил охиригача Ўзбекистон аҳолисининг рақамли телевидение билан қамров даражаси 88% етказилади
Тошкент. 7 декабр. ЎзТАГ – 2016 йил охиригача Ўзбекистон аҳолисининг рақамли телевидение билан қамров даражаси 88% етказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Жорий йилнинг декабри бошига келиб Ўзбекистон ҳудудининг 79,5% рақамли телевидение билан қамраб олинган бўлган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига кўра, қўшимча 10 рақамли телевидение узатгичлари ўрнатилади.
Ҳозирга қадар Тошкентдан республика вилоятларига Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 12 телеканал ва 4 радиоканали узатилмоқда.
1 декабрдан бошлаб МТРК телерадиоканаллари билан биргаликда мамлакатнинг қатор ҳудудларида “Миллий ТВ” ва “Uzreport TV” телеканалларини узатиш ҳам бошланди. Улар DVB-T2 стандартидаги телевизион узатгичлар ёрдамида олиб берилмоқда.
Улар Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах, Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Фарғона вилоятларида ва пойтахтда ўрнатилган.
Юқоридаги телеканалларни мамлакатнинг бошқа вилоятларига ҳам тарқатиш ишлари давом этмоқда.