Йил охиригача Ўзбекистонда мобиль операторлар ва интернет-провайдерлар хизматлар нархларини миллий валютада белгилашга ўтказилади
Тошкент. 26 апрел. ЎзТАГ – Йил охиригача Ўзбекистонда мобиль операторлар ва интернет-провайдерлар хизматлар нархларини миллий валютада белгилашга ўтказилади. Бу ҳақида Usenet 2017 digital-конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Умиджон Аъламов маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
У хизматларни миллий валютада белгилашга барча: мобиль операторлар ва интернет-провайдерлар ўтишини таъкидлади. Қарор йил охиригача ишлаб чиқилиб, кейинги йилдан амал қила бошлайди.
Конференция Ledokol Group агентлиги томонидан Beeline кўмагида ташкил этилди. Унда 2 мингдан зиёд киши қатнашди.
Digital-конференция дирасида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Умиджон Аъламов ва Unitel МЧЖ директори Дмитрий Шуков иштирокида мунозара бўлиб ўтди. Унда кенгполосали мобиль интернет ва 2017-2021 йилларда 4G ва 5G стандартларини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди.