Йирик ўзбек суғурта компанияси низом жамғармасини 23,53 млрд сўмгача кўпайтиради

Дата: 11:46, 25-08-2014.

Тошкент. 25 август. ЎзТАГ – “Ўзагросуғурта” Давлат–акционерлик суғурта компанияси қиймати 23,53 млрд сўмлик акциялар чиқариб, жойлаштиради, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази сайтида эмиссиянинг рўйхатга олинганлиги ҳақида хабар қилинди.

Эмиссия хужжатларига мувофиқ, жами ҳар бирининг номинал баҳоси 2,88 минг сўм бўлган 8,17 млн дона акция чиқарилиб, шундан 20 минги имтиёзли бўлади.

Ушбу эмиссия жамият акционерлари ўртасида ёпиқ обуна бўйича илгари чиқарилган номинал баҳоси бундан қуйи бўлган акцияларни янгиларига конвертация қилиш йўли билан жойлаштирилади. Низом жамғармаси миқдорини ошириш номинал баҳоси 1,33 минг сўм бўлган акциялар номиналининг 2,88 минг сўмга етказиш йўли билан амалга оширилади. Орадаги фарқ компаниянинг 2013 йил якунлари бўйича олган 12,666 млрд сўмлик фойдаси ҳисобига амалга оширилади.

Эслатиб ўтамизки, 2013 йил охирига келиб “Ўзагросуғурта” компаниясининг низом капитали 10,9 млрд сўмга тенг бўлган. Ўтган йил якунлари бўйича компания активлари 2012 йилдагига нисбатан 23,3% ўсиб, 78,9 млрд сўмга етди. Компаниянинг ўз капитали 31,7 млрд сўмни ташкил қилди (2012 йилда – 17,5 млрд сўм).

$1 = 2344,38 сўм.

Янгилик билан ўртоқлашиш: