Югуриш бўйича биринчи халқаро хайрия мусобақаси 1 ноябрь куни Самарқандда бошланади

Дата: 13:39, 17-10-2019.

Тошкент. 17 октябрь. ЎзТАГ – Югуриш бўйича биринчи халқаро хайрия мусобақаси 1 ноябрь куни Самарқандда бошланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"1 ноябрдан 3 ноябрга қадар Ўзбекистонда югуриш бўйича Samarkand Half Marathon биринчи халқаро хайрия мусобақаси бўлиб ўтади", - дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Лойиҳанинг асосий мақсадлари орасида маданият ва санъат объектларида инклузивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва Ўзбекистонда спорт туризмини ривожлантириш киради.

"Ярим марафонда тажрибали спортчилар ва янги бошловчилар иштирок этишлари мумкин. Ташкилотчилар 21 км, 10 км ва 2 км узунликдаги масофа оралиқларини мўлжаллаб қўйган. Ярим марафонда барча масофалар бўйича рўйхатдан ўтиш 20 октябргача давом этади", - дейилади хабарда.

Ярим марафонга тайёргарлик жараёнида мутахассислар томонидан Ўзбекистон театрлари, музейлари ва кутубхоналарида тренинглар ўтказилади. Тадқиқот натижалари ярим марафон таълим дастури доирасида ҳисобот шаклида тақдим этилади.

"Ярим марафондан тушган маблағлар Тошкент театрларидан бирида тажриба лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади", – деб қайд этилади хабарда.

Сурат манбаи: med.vesti.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: