ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги раҳбари пойтахт ОТМга ташриф буюрди
Тошкент. 30 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистондаги ЮНЕСКО ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккатнинг Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига (IUT) ташрифи доирасида қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
IUT ректори Сарвар Бабаходжаев меҳмонга университетнинг ташкил этилиш тарихи ҳамда АКТ ва логистика соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берди.
Музокаралар давомида томонлар ахборот технологиялари орқали ёшларни таълим олишга жалб этиш масалаларини муҳокама қилишди. Пиккат хоним, жумладан, дунёнинг кўпгина мамлакатларида амалга оширилаётган ҳамда ёшларни таълим олишга жалб этадиган лойиҳалар тўғрисида сўзлаб берди.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ёшларини мобил дастурлаш ҳамда мобил иловалар ишлаб чиқариш бўйича ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.
IUT ва ЮНЕСКО вакиллари ёшларни билим олишга ундайдиган ҳамкорликдаги лойиҳаларни ишга тушириш бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олишди.
Эслатиб ўтамизки, ЮНЕСКО Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ихтисослаштирилган ташкилотидир.