Юнонистонда ўзбек ҳунармандлари маҳсулотларини сотиб олиш мумкин бўлади

Дата: 14:58, 12-06-2018.

Тошкент. 12 июн. ЎзТАГ – Юнонистон пойтахти Афина шаҳридаги Плака туманида Ўзбек ҳунармандларининг савдо уйи очилиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу лойиҳа “Ҳунарманд” уюшмаси делегациясининг Юнонистонга ташрифи чоғида муҳокама қилинди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг Юнонистондаги Бош консулхонаси томонидан ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат туризмни ривожлантириш қўмитасидан хабар беришларича, делегация Афинада ўзбек ҳунармандчилик буюмлари, шу жумладан, гилам, сўзана, миллий кийимлар, кулолчилик ва бошқа совға маҳсулотларини сотиш бўйича савдо уйини очиш имкониятини ўрганиб чиқди.

Шунингдек, Юнонистоннинг энг машҳур сайёҳлик жойлари бўлган Плака, Монастираки ва Колонакида совғалар сотиш билан шуғулланадиган бир қатор юнон компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. “Ҳунарманд” уюшмаси савдо уйи учун хоналар ва ўзбек совға маҳсулотлари учун омборни сотиб олиш ва ижарага олиш шартлари билан таништирилди.

Ўз навбатида, юнон томони сайёҳлар орасида жуда машҳур бўлган ўзбек ёгорликлари ва гиламлар намуналари билан таништирилди.

“Ҳунарманд” уюшмасининг ташрифи якунлари бўйича савдо уйини очиш бўйича келишувга эришилди ва яқин орада Ўзбекистондан совға маҳсулотлари ва гиламларнинг биринчи партиясини жўнатиш режалаштирилмоқда.

Сурат манбаи: http://protoday.uz/ru/1963283

Янгилик билан ўртоқлашиш: