Yunusabad Business City қурилишида Корея компаниялари иштирок этади

Дата: 17:29, 13-11-2019.

Тошкент. 13 ноябрь. ЎзТАГ – Yunusabad Business City қурилишида Корея компаниялари иштирок этади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Шаҳар ҳокимлигида Корея компаниялари IGIS Asset Management, KIND (Korea Overseas Infrastructure and Urban Development Corporation) ва Wooju Construction Co. LTD вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида қўшма ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди ва Yunusabad Business City қурилишида ушбу компанияларнинг иштироки тўғрисида дастлабки келишувларга эришилди. Келишув учта компаниянинг консорциумини ташкил этишни назарда тутади", - дейилади пойтахт маъмурияти матбуот хизмати хабарида.

Маълумот учун: IGIS Asset Management Корея Республикасида кўчмас мулк ва активларни бошқариш бозоридаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда компания Осиё-Тинч океани ва Европада муваффақиятли ишламоқда. Хусусан, IGIS Asset Management компаниясининг сўнгги лойиҳаларидан бири Франкфурт (Германия)да осмонўпар бино қуришдир.

KIND (Korea Overseas Infrastructure and Urban Development Corporation) – Корея Республикаси ҳукумати томонидан хорижий мамлакатларда қурилишни рағбатлантириш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган корпорация. KIND шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам беради.

Wooju Construction Co. LTD, 2001 йилда ташкил этилган, инфратузилма қурилишида ихтисослашган. Компания активларида Тахиатош ИЭСни реконструкция қилиш ва Қандим газни қайта ишлаш мажмуасида ишлаш каби лойиҳалар ўрин олган.

 

Сурат манбаи: tashkent.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: