Ўзбек ҳаками Равшан Эрматов Россия термасининг назорат ўйинини бошқаради

Дата: 10:49, 29-09-2016.

Тошкент. 29 сентябр. ЎзТАГ – Таниқли футбол ҳаками Равшан Эрматов Россия термасининг Коста-Рика жамоасига қарши назорат ўйинига хизмат қилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўйин якшанба, 9 октябрда Краснодардаги “Краснодар” ФК стадионида бўлиб ўтиб, соат 16.00да бошланади. Россия – Коста-Рика ўйинига ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси хизмат қилади. Улар Равшан Эрматов, Абдуҳамидулло Расулов, Жаҳонгир Саидовлардир”, - деб таъкидланади Россия футбол иттифоқи хабарида.

Эслатиб ўтамизки, Равшан Эрматов – Ўзбекистонлик ФИФА ҳакамидир. У Ўзбекистоннинг тўққиз карра энг яхши ҳаками, Осиёнинг беш карра йилнинг энг яхши ҳаками бўлган, шунингдек, дунёдаги энг яхши ҳакам сифатида “Global Soccer Awards” совринини ҳам олган. 2013 йилда IFFHS версияси бўйича дунёнинг энг яхши ўн ҳакамлари рўйхатига кирган.

Бундан ташқари, Р.Эрматов – жаҳон биринчиликлари доирасида 9 ўйинга хизмат қилган дунёдаги ягона ҳакамдир.

ФИФА – Халқаро футбол федерацияси.

The Globe Soccer Awards – Globe Soccer томонидан таъсис этилган футбол мукофоти бўлиб, Дубайда (БАА) топширилади ҳамда жаҳон футболининг етакчи вакилларини бирлаштиради.

IFFHS – Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси.

Янгилик билан ўртоқлашиш: