Ўзбек амалдорлари Латвиядаги давлат қурилиши тажрибасини ўрганишга жўнаб кетишди

Дата: 17:03, 07-09-2016.

Тошкент. 7 сентябр. ЎзТАГ – Минтақавий тараққиёт учун масъул марказ ва вилоят даражасидаги давлат идоралари ходимларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Латвияга ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўқув-танишув сафардан кўзланган бош мақсад – Латвия давлат идораларининг маҳаллий бошқарув бўйича тажрибасини ўрганиш. Хусусан, минтақавий тараққиётни режалаштириш, марказий ва маҳаллий ҳукумат идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва координация, Депутатлар маҳаллий кенгаши ва ижроия ҳокимияти ўртасидаги ҳамкорлик, минтақавий тараққиёт соҳасида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик кабилардир”, - деб таъкидлашди БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида.

Ташриф доирасида парламентнинг тегишли қўмита ва департаментлари, Латвия вазирликлари ва агентликлари ходимлари билан учрашувлар, Латгал вилояти маъмурияти мисолида минтақавий режалаштириш жараёни билан танишув, шунингдек давлат ва коммунал хизматларни тақдим этувчи бир қатор марказлар фаолиятини кузатиш кўзда тутилган.

Ташриф якунлари бўйича марказий ва маҳаллий давлат бошқаруви органлари ишига янги ҳамкорлик механизмларини жорий этиш ва мувофиқлаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: