Ўзбек антимонопол органи республикадаги энг йирик тўлов операторини жаримага тортди

Дата: 17:05, 21-04-2015.

Тошкент. 21 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни рирвожлантириш давлат қўмитаси республикадаги энг йирик тўлов оператори – “UZPAYNET” МЧЖ ҚКни жаримага тортди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) қўмита сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Маълумотда айтилишича, “UZPAYNET” МЧЖ ҚК томонидан устун мавқеини суистеъмол қилиш ҳолатлари тўғрисида қўмитага бир қатор тадбиркорлик субъектлари томонидан мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатларга мувофиқ қўмита “UZPAYNET” МЧЖ ҚК тўловчи агентлар билан тузадиган шартномалари ўрганиб чиқди. Ўрганиш доирасида мазкур шартномада тўлов агентларига ножоиз шартлар мавжудлиги фактлари аниқланди.

Ўтказилган ишлар натижасида “UZPAYNET” МЧЖ ҚК томонидан мазкур шартнома такомиллаштирилди, тўлов агентларига қўлланадиган шартлар қисқартирилиб, соддалаштирилди. Хусусан, “UZPAYNET” МЧЖ ҚК томонидан қўлланиладиган 16 турдаги жарима санкцияларини бир-бирига ўхшашлиги сабабли 7таси қисқартирилди. 
Бундан ташқари, хўжалик субъектининг молиявий ҳолати ёмонлашишига йўл қўймаслик мақсадида шартномада жарима солишнинг энг юқори даражалари белгиланди.

Эслатиб ўтамизки, “UZPAYNET” МЧЖ ҚК – Ўзбекистондаги монопол электрон тўловлар операторидир. Тармоқ 25 мингдан ошиқ тўлов нуқталарига эга. Уларда мобиль ва симли алоқа, интернет ва IP-телефония, коммунал хизматлар, хостинг, суғурта хизматлари ва бошқа кўплаб хизматларга ҳақ тўлаш мумкин. Кунига PAYNET пунктларида 2 млндан ошиқ киши тўловлар амалга оширади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: