Ўзбек армияси замонавий қуроллар харид қилишни давом эттиради

Дата: 12:02, 15-01-2016.

Тошкент. 15 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон ўз армиясини ислоҳ қилиш ва унинг учун замонавий қуроллар харид қилишни давом эттиради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригига асосланган ҳолда.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, буни ҳозирги пайтда дунёда юзага келган мураккаб вазият тақозо қилмоқда.

“Биз яшаётган бугунги замон ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмаслигини барчамиз ўзимизга доимо яхши тасаввур қилганмиз ва тасаввур қиламиз. Ҳозирги кунда жаҳон миқёсида вазият қандай тез ўзгариб, дунёнинг айрим минтақаларида аҳвол тобора кескин тус олаётгани, турли қарама-қаршиликлар, можаро ва қон тўкишлар кучайиб, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи ортиб бораётгани, яқин ён-атрофимизда давом этаётган ҳарбий тўқнашувлар бизда чуқур ташвиш ва хавотир туйғусини уйғотмасдан қолмайди, албатта”, – деб таъкидлади Ислом Каримов.

Президентнинг фикрига кўра, Ўзбекистонга қўшни минтақаларда вазият доимий равишда ўзгариб, таҳдидлар кучайиб бораётган, мамлакатимиз ҳудудига турли босқинчи тўдалар ва қўпорувчи гуруҳларнинг суқилиб кириш эҳтимоли истисно этилмаётган бир шароитда ҳарбий тузилмаларни, биринчи навбатда, хавф-хатар юқори бўлган операцион йўналишларда янада мустаҳкамлаш ва сафарбар этишга устувор аҳамият бериш зарур.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, қуролли кучларнинг жанговар салоҳияти, уларнинг ҳаракатчанлиги ва тезкорлигини янада оширишга, махсус операциялар учун мўлжалланган кучлар, вертолётлар ва қўшимча равишда жалб этилган бошқа техникалардан фойдаланган ҳолда, душманнинг заиф нуқталарига зудлик билан шиддатли зарбалар бериш малакасини пухта эгаллашга имкон берадиган қурол-яроғ ва техникаларнинг энг янги турлари билан қўшинларни таъминлаш дастурларини босқичма-босқич амалга оширишни давом эттиради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: