Ўзбек астрономлари ўта янги юлдузни топдилар

Дата: 17:56, 19-06-2017.

Тошкент. 19 июн. ЎзТАГ – Фанлар академияси Астрономия институти Майданак обсерваторияси астрономлари ўта янги юлдуз чақнашини топдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Фанлар академияси матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Бу Коинотдаги энг оламшумул ҳодисалардан бири. Чақнаш Етти қароқчи юлдуз туркумидаги NGC 3938 рақамли спираль галлактикада рўй берди”, - дейилади хабарда. 

Аниқлаштирилишича, SN 2017ein рақами берилган ўта янги 25 май куни юлдуз Майданак обсерваториясида жаҳоннинг етакчи обсерваториялари билан ҳамкорликда яқин галлактикалар кузатуви дастури доирасида топилган.

Ҳозирда Ўзбекистон астрономлари мазкур юлдуз чақноғидаги ўзгаришларни батафсил ўрганиш мақсадида SN 2017ein устидан мунтазам равишда кузатувларни давом эттирмоқдалар.

Академия олимларининг таъкидлашларича, ўта янги юлдузларнинг чақнашлари тез тез бўлиб туради. “Бундай чақнашлардан бири 1006 йилда бўлиб ўтган. Яқинда немис олимлари Абу Али ибн-Синонинг британиянинг Бодлеян кутубхонасида сақланаётган “Китаб ал-Шифа” асарида ушбу ҳодисанинг батафсил тавсифига дуч келдилар. Ибн Сино 1002-1008 йилларда Хоразм Маъмун Академиясида ишлаган. Бундан ташқари, ушбу факт фалсафа ва тиббиёт соҳаларидаги ишлари билан танилган буюк ватандошимизнинг илмий қизиқишлари қанчалик кенг бўлганлигини кўрсатади”, - деб таъкидланади хабарда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: