Ўзбек автомобили Париждаги автосалонда яхши баҳога лойиқ кўрилди

Дата: 20:49, 24-10-2014.

Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – Chevrolet Cobalt ўзбек автомобили Париждаги Mondial de Automobile 2014 автосалонида яхши баҳога лойиқ деб топилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). Ушбу маълумот ZiV.ru ахборот-таҳлилий журнали сайтида жойлаштирилган. “Айниқса Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган Chevrolet Cobalt автомашинаси ҳақида айтиб ўтишни истар эдим. Ушбу автомобиль ўтган йилдан бери Россия бозорига етказиб берилади ва автоҳаваскорлар орасида жуда яхши қабул қилинди. Автомашина кичик бўлса-да, қулай автомобиллар тоифасига киради. Машинага 6-босқичли янги тезлик узатиш қутиси ўрнатилган бўлиб, рақоатчи автомобилларда бу нарса умуман йўқ. Шу сабабли, ушбу автомобиль кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлмоқда”, - деб таъкидлади GeneraI Motors Russiaнинг матбуот котиби Сергей Лепнухов автосалон кулуарларида. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг сифати “General Motors”нинг АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги заводларидагидан ҳеч қандай фарқ қилмайди. Mondial de Automobile – дунёдаги энг нуфузли автосалонлардан бири. У Парижда 1898-йилдан бери ўтказилади. Ташкилотчиларнинг режаларига кўра, тадбирга 1 млндан ортиқ киши ташриф буюради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: