Ўзбек автосалонлари илк маротаба мижозларни интернет-ресурслар орқали жалб қила бошлади

Дата: 10:10, 03-06-2016.

Тошкент. 3 июн. ЎзТАГ – Ўзбек автосалонлари илк маротаба мижозларни интернет-ресурслар орқали жалб қила бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга Фейсбукдаги маҳаллий “Потребитель.уз” гуруҳининг аъзоларидан бири эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, пойтахт автосалонларидан бири Интернет тармоғида автосалонда Jentra ва Cobalt автомобиллари эркин сотувда борлиги ҳақидаги маълумотни жойлаштирган. Ҳозирда кўрсатилган автомобилларни салондан халқаро пластик карточкалар (ХПК) орқали АҚШ долларлари эвазига сотиб олиш мумкин.

Автосалон ходимларидан биринг сўзларига кўра, машиналарни унга ҳақ тўлангани ва хужжатлар расмийлаштирилганидан кейиноқ олиб кетиш мумкин. Бундай ҳолат эса Ўзбекистонда унча кўп учрамайдиган ҳолатдир.

Айни пайтда, автомобиль мавзусидаги маҳаллий интернет-ресурслар иккиламчи бозорда ҳам GM-Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилган машиналарнинг нархлари тушаётгани ҳақида хабар бермоқдалар.

Эслатиб ўтамизки, мавжуд анъанага кўра Ўзбекистонда маҳаллий автомобилларнинг энг харидорбоп моделлари ХПК орқали АҚШ долларлари эвазига сотилади.

Бозор иштирокчиларининг фикрларига кўра, маҳаллий бозорда автомобилларнинг кўпайиши ўзбек автомобилларига ташқи бозорлар, хусусан, Россияда талабнинг пасайгани билан боғлиқдир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: