Ўзбек автозаводи мутахассислари мактабда экологик акция ўтказдилар

Дата: 22:52, 30-12-2015.

Тошкент. 30 декабр. ЎзТАГ – “General Motors Powertrain Uzbekistan” корхонаси ходимлари завод яқинидаги 237 мактабдаэкологияга бағишланган махсус тадбир ўтказдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзавтосаноат” АК маълум қилишларича, Мактаб ўқувчилари билан учрашув компаниянинг ижтимоий масъулликка йўналтирилган лойиҳаси доирасида ўтказилди. Тадбирда ўқувчиларга “General Motors” компаниясининг ривожланиш тарихи ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тақдимотлар намойиш этилди.

Компаниянинг экология ва атроф-муҳит бўйича менежери Озода Исмаилова болалар билан биргаликда ҳавонинг ифлосланиши, биологик хилма-хилликни асраш, чиқиндиларни утилизация қилиш каби глобал муаммоларни муҳокама қилиш билан бирга атроф-муҳит муҳофазаси ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Тадбир сўнгида корхона ишчилари ишлаб чиқаришдан ортиб қолган материаллардан тайёрланган қуш уяларини болажонлар билан бирга ўрнатишди.

Эслатиб ўтамизки, 2008 йил октябрида General Motors ва “Ўзавтосаноат” GM Powertrain Uzbekistan корхонани ташкил этиш ҳақида келишувни имзолаган эдилар.

Корхона ҳажми 1,2 ва 1,5 литрлик DOHC двигателлари ишлаб чиқаради. Улар билан Асакк автомобиль заводида ишлаб чиқариладиган автомобиллар жиҳозланади. Автомобиль двигателларининг бир қисми “General Motors”нинг Ҳиндистон, Корея Республикаси ва бошқа мамлакатлардаги заводларига экспорт қилинади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: