Ўзбек блогери мустақилликнинг 25-йиллигига бағишлаб велосипедда Ўзбекистон бўйлаб 30 кунлик сафар уюштирди

Дата: 16:41, 29-08-2016.

Тошкент. 29 август. ЎзТАГ – Ўзбекистнлик блогер Санжар Саид якка ўзи мустақилликнинг 25-йиллигига бағишлаб велосипедда Ўзбекистон бўйлаб 30 кунлик сафар уюштириб, 1,6 минг кмдан ортиқ масофани босиб ўтди. Бу ҳақда у ўзининг блогида маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Маълумотда айтилишича, у ўз велосафарини Тошкентдан бошлаб, кейинчалик Гулистон, Оқолтин, Жиззах, Ғаллаорол, Самарқанд, Лоиш, Қўшработ, Нурота, Навоий, Ғиждувон, Бухоро, Ромитан, Хозарасп ва Хива шаҳарларида бўлган. Сафар Урганчда ниҳоясига етган.

Сафари доирасида блогер Мирзачўл, Малик, Қизилқум чўллари, Сирдарё, Зарафшон, Амударё ва дарёлардан кечиб ўтган.

Саёҳатчи жами Ўзбекистоннинг 7 вилояти ҳудуди бўйлаб 1,6 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтган.

“Саёҳатим мобайнида ҳаётда яхши одамлар ҳали жуда кўп экани, эзгулик, меҳр-оқибат йўқолиб кетмаганига гувоҳ бўлдим. Етти ёт бегоналар менга ёрдам ва кўмак беришди. (...) Мен ...ўнлаб, юзлаб шаҳару қишлоқлар, далаю боғ-роғлардан ўтдим. (...) Йўлим давомида жуда кўп одамлар: оддий деҳқон, боғбон ёки ишчидан тортиб тадбиркорлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг бари ўз ишини қилиб, оиласини боқиб, фарзандларини тарбиялаб, ўқимишли, маълумотли, касб-ҳунарли қилиш учун тер тўкаяпти ва бу уларнинг Ўзбекистон тараққиётига қўшган ҳиссасидир”, - деб ёзади Санжар Саид йўл қайдларида.

Келажакда блогер Фарғона водийси ва Ўзбекистоннинг Қашқадарё ва Сурхандарё вилоятларига сафар қилиш ниятида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: