Ўзбек боксчилари Бразилияга йиғинга жўнаб кетдилар

Дата: 12:36, 22-07-2016.

Тошкент. 22 июл. ЎзТАГ – Бокс бўйича Ўзбекистон термаси Риодаги 2016 йилги  Олимпиа ўйинларига тўлиқ таркибда жўнаб кетди. Тўртйилликнинг асосий ўйинлари олдидан терма жамоа аъзолари машқларининг учинчи босқичи бўлиб ўтадиган Бразилияга йўл олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бокс федерациясидан хабар беришларича, Ангрен туманининг Янгиобод базасида турнирга тайёргарликнинг биринчи ва иккинчи босқичи ўтказилганидан сўнг ўзбек боксчилари 21 июлга ўтар кечаси бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрига жўнаб кетдилар.

Ўзбекистон шарафини Рио-де-Жанейрода 11 боксчи ҳимоя қилади, жумладан, улар орасида 51 кг вазн тоифасида иштирок этувчи аёллар термаси вакиласи Ёдгорой Мирзаева ҳам бор.

Эркаклар термаси таркибига Ҳасанбой Дўсматов (49 кг), Шахобиддин Зоиров (52 кг), Муроджон Аҳмадалиев (56 кг), Хуршид Тожибоев (60 кг), Фазлиддин Ғоибназаров (64 кг), Шахрам Ғиёсов (69 кг), Бектемир Мелиқўзиев (75 кг), Элшод Расулов (81 кг), Рустам Тўлаганов (91 кг), Баҳодир Жалоловлар (+91 кг) кирганлар.

Маълумот ўрнида, XXXI ёзги Олимпиа ўйинлари 5-21 август кунлари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: