Ўзбек боксчилари Риодаги жангларини 6 августда бошлайдилар

Дата: 11:14, 29-07-2016.

Тошкент. 29 июл. ЎзТАГ – Бокс бўйича Ўзбекистон Олимпиа термаси Рио-де-Жанейродаги 2016 йилги Олимпиа ўйинларидаги чиқишларини 6 августда бошлайдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бокс федерациясидан маълум қилишларича, ушбу мусобақаларда бокс бўйича Ўзбекистон эркаклар Олимпиа термаси тарихда илк марта тўлиқ таркибда қатнашади.

Яна бир тарихий воқеа – ушбу мамлакатдан Ёдгорой Мирзаева – Ўзбекистоннинг Олимпиа ўйинларидаги илк аёл вакиласи ҳам иштирок этади.

Боксчилар ўз жангларини 6-21 август орасида ўтказадилар. Рингга биринчи бўлиб Ҳасанбой Дўсматов (49 кггача), Хуршид Тожибоев (60 кггача), Элшод Расулов (81 кггача) ва Рустам Тўлагановлар (91 кггача) чиқадилар.

Ўзбекистон шарафини терма жамоанинг 11 аъзоси ҳимоя қилади.

Маълумот ўрнида, эркаклар термаси таркибига Ҳасанбой Дўсматов (49 кг), Шахобиддин Зоиров (52 кг), Муроджон Аҳмадалиев (56 кг), Хуршид Тожибоев (60 кг), Фазлиддин Ғойибназаров (64 кг), Шахрам Ғиёсов (69 кг), Бектемир Мелиқўзиев (75 кг), Элшод Расулов (81 кг), Рустам Тўлаганов (91 кг), Баҳодир Жалоловлар (+91 кг) киришган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: