Ўзбек боксчиси APB белбоғи соҳиби бўлди

Дата: 11:51, 21-09-2015.

Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – Тошкентда APB (AIBA Pro Boxing) турнири биринчи бўғини доирасида 60 кггача бўлган вазн тоифасидаги биринчи жанг бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик боксчи Хуршид Тожибоев қозоғистонлик Берик Абдраҳмонов устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, APB чемпионлик белбоғига эга бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистонлик боксчи Хуршид Тожибоев қозоғистонлик Берик Абдраҳмоновга қарши рингга чиқди. Ўта муросасиз кечган жангда Хуршид биринчи дақиқалардан ташаббусни қўлига олиб, ўз устунлигини аста-секин ошриб борди. Рақиб қанча қаршилик кўрсатишга уринмасин, бунга эриша олмади”, – деб таъкидлашди Ўзбекистон бокс федерациясида.

Натижада Тожибоев 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, APB чемпионлик белбоғига эга бўлди.

“Мен Тошкентда кўплаб мухлислар гувоҳлигида жанг қилдим ва, албатта, енгилишим мумкин эмасди. Чунки бу жанг январдаги Берик ғалаба қилган жангнинг реванш баҳси эди. Мен тўғри танланган техник ёндашув ва пухта тайёргарлик натижасида ғалаба қилдим”, – деди Х.Тожибоев.

Эслатиб ўтамизки, APB турнири жанглари Тошкентда илк маротаба ўтказилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: