Ўзбек боксчиси Азизбек Абдуғафаров WBC версияси бўйича Осиё чемпиони белбоғи учун жангга тушади
Тошкент. 10 январ. ЎзТАГ – Бугун ўзбек боксчиси Азизбек Абдуғафаров WBC версияси бўйича Осиё чемпиони белбоғи учун жангга тушади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Бокс федерацияси маълумотларига кўра, жанг Сингапурда бўлиб ўтади. Ушбу жангда унинг рақиби Сиримонгкол Эамтуам бўлиб, мазкур спортчи профессиональ ҳаёти давомида 93 жанг ўтказиб, бундан 91тасида ғалаба қозонган.
Ўз вақтида Эамтуам жаҳон чемпиони бўлган ва ўз рақибларини 57 жангда нокаутга учратган.
Эслатиб ўтамизки, Азизбек Абдуғафаров ушбу жангга чиқиш ҳуқуқини индонезиялик боксчи Александр Баява (41 ғалаба) устидан ғолиб чиққанидан кейин эришди. Мазкур жанг Малайзияда ўтказилган профессиональ бокс кечасида бўлиб ўтди ва саккиз раунд давом этди. Ўзбекистонлик боксчи учинчи раунддаёқ ўз рақибини нокаутга туширди.


