Ўзбек боксчиси Хуршидбек Норматов профессионал рингдаги учинчи ғалабасини қўлга киритди

Дата: 20:58, 14-11-2016.

Тошкент. 14 ноябр. ЎзТАГ – 24 ёшли ўзбек боксчиси андижонлик Хуршидбек Норматов профессионал рингдаги учинчи ғалабасини қўлга киритди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу сафар у 6 раундли жангда 35 ёшли америкалик Лендвуд Дойзер устидан ҳакамларнинг бир овоздан қарори билан ғалаба қилди.

Эслатиб ўтамизки, Норматов Fight Promotion промоутерлик компанияси билан 15 жанг учун 3 йиллик шартнома имзолаган. Боксчи 25 июнда дебют жангини ўтказиб, унда Ромон Барберни, 23 сентябрда эса Томас Бернардни мағлубиятга учратди.

11 ноябрда Филадельфияда (АҚШ) профессионал бокс кечаси ташкил этилди. Унинг доирасидаги 10 жанг ичида ўзбек боксчиси ҳам рингга тушди.

Норматов 2010, 2011, 2013, 2014 йилларда Ўзбекистон чемпиони бўлган. 2013 йилги Бутунжаҳон Универсиадасининг кумуш медали соҳиби, Бутунжаҳон Бокс сериясида (WSB) мамлакатда хизмат кўрсатган тренер Зиятдинбек Тойгонбоев бошчилигида “Украин атаманлари” сафида муваффақиятли қатнашган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: