Ўзбек боксчиси Тошкентдаги АPB турнирининг биринчи кунида ғалаба қозонди
Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик бокчи Хуршид Тожибоев Тошкентда бўлиб ўтаётган APB (AIBA Pro Boxing) турнири доираси мусобқаларининг биринчи кунида ишончли ғалабани қўлга киритди, деб хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Бокс федерациясидан хабар қилишларича, турнирнинг тантанали очилиш маросими 30 майда пойтахтдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуида бўлиб ўтган. Шу куннинг ўзида бу ерда 60 кггача вазн тоифасида APB турнири доирасидаги тўрт жанг бўлиб ўтган.
Тўрт жангдан иккитаси Рио-де-Жанейродаги 2016 йилги Олимпиада йўлланмаси ўйналадиган турнир финалига чиқиш учун ўтказилди. Улар орасида Хуршид Тожибоевнинг ирландиялик боксчи Дэвидо Жойс билан жанги ҳам бўлиб, у ўзбек боксчисининг 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан якунланди.
Иккинчи учрашувда россиялик Дмитрий Полянский Бразилия вакили Робсон Консейкао билан учрашиб, уни қийинчилик билан енгди.
Рейтингда 5-8 ўринларни эгаллаб турган боксчилар орасидаги беллашувлар рейтинг ўринлари учун ўтказилди. Филиппинлик Чарли Суарез россиялик Муҳаммадрашид Жабраиловни техник накаут билан, германиялик Артур Бриль италиялик боксчи Доменик Валентинога енгилди.
Эслатиб ўтамизки, ушбу APB турнири Тошентда илк маротаба ўтказилмоқда. Мусобақалар Ўзбекистон Бокс федерацияси томонидан республика Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон МОҚ ва Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (АИБА) билан ҳамкорликда ташкил этилган.