Ўзбек божхоначилари қиймати 52,5 млн сўмлик 35 тоннадан зиёд рангли ва қора металларни олиб қўйишди
Тошкент. 11 апрел. ЎзТАГ – Жорий йилнинг ўтган даврида божхона ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 42 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 52,5 млн сўмлик 35 тоннадан ортиқ қора ва рангли металл парчаларининг олиб ўтилишига чек қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, Наманган вилоятида қўшни республика ҳудудига катта миқдорда рангли металлар олиб чиқилишига чек қўйилди. Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги ВАЗ-21011 русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, автомашинанинг ички салони ва юкхонасига республикамиздан яширин тарзда олиб чиқиш мақсадида 10 та қопда салкам 0,5 тонна латун рангли металл парчалари ортилгани аниқланди.
Қашқадарё вилоятида икки “Форд” автомашиналари текширилди. Уларнинг бирида Ўзбекистон фуқароларига тегишли қиймати 5 млн сўмлан ортиқ 2 тонна 300 кг оғирликдаги мис ва латун рангли металл чиқиндилари ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги аниқланди.
Фарғона вилоятида “Фарғона” чегара-божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётган “Камаз” юк автомашинасини божхона кўригидан ўтказиш давомида ушбу автотранспорт воситаси юкхонасида 1 тонна 400 кг оғирликдаги 176 дона муқаддам фойдаланилган аккумуляторлар ортилганлиги аниқланди.
Худди шу усулни қўллаган яна икки Ўзбекистон фуқароси Б.Жўраев салкам 2 тоннадан ортиқ 196 дона аккумуляторларни яширин равишда олиб чиқишга уринган пайтда божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг уйин текширилганда хонадонда 1 тонна 700 кг рангли металл парчалари ноқонуний равишда сақлаб келинаётганлиги аниқланди.
Худди шу ҳудудда божхона ходимлари “Исузу” русумли юк автомашинасида ноқонуний равишда олиб кетилаётган 4 тоннадан зиёд рангли металлларни тўхтатиб қолишди.