Ўзбек божхоначилари томонидан молларни контрабанда усулида олиб ўтиш билан боғлиқ қатор ҳолатларга чек қўйилди

Дата: 18:46, 06-04-2017.

Тошкент. 6 апрел. ЎзТАГ –  “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан республикага кўп миқдордаги товар моддий бойликларнинг божхона тўловларисиз олиб кирилишига чек қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Жумладан, Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳусусий тадбиркор номига Хитойдан турли асбоб-ускуна ва технологик жиҳозлар юки етиб келди. Аммо мазкур асбоб-ускуналарнинг орасидаги барча бўшлиқлар божхона юк декларациясида ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 23 турдаги 129 дона ошхона идишлари ва анжомлари билан тўлдирилгани аниқланди. Мазкур молларнинг қиймати 29 млн сўмдан ортиқни ташкил қилди.

Шунингдек, хориждан келтирилган газламаларни текшириш жараёнида қиймати 51 млн сўмдан ортиқ бўлган 5,1 минг метр квадрат газламалар божхона юк декларациясида ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳолда ўтказилаётгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, яна бир ҳолатда терига ишлов бериш пайтида фойдаланиладиган 38 тоннадан ортиқ 3 турдаги кимёвий моддаларнинг яширинча олиб кирилишига чек қўйилди. “М.G” масъулияти чекланган жамияти номига юборилган ушбу кимёвий воситалар ҳақида маълумотлар йўл-юк кузатув ҳужжатларида умуман кўрсатилмаган. Таъкидлаш зарурки, қиймати 250 млн сўмдан ортиқни ташкил қилувчи ушбу товарлар республикамизга амалда тартибларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда олиб кирилганида, уларга нисбатан божхона тўловларидан тегишли имтиёзлар қўлланилиши мумкин эди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари олиб борилмоқда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: